Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятининг Ахбороти

2011 йил 15 июлда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Ангерс (Франция) шаҳрида ўзининг 2нчи Қурултойини ўтказди. Қурултой Жамият фаолиятини муҳокама қилди, Низомга бир қатор ўзгартиришлар киритди, Жамиятнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига муносабати буйича махсус қарор қабул қилди ва ўзининг раҳбар органларини сайлади.

Қурултой қарорига биноан Низомга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди: Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг номи Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти деб ўзгартирилди. Жамият фаолиятини бошқариш учун 3та вице президент лавозими қабул қилинди. Улар Ўзбекистон, МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) ва демократик давлатларда мавжуд бўлган жамият аъзоларининг фаолиятларини ташкиллаштириш ва бошқариш билан шуғулланадилар.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолиятини тўлиқ қўллаб қўвватлашга қарор қилди ва ўз вакилини Ҳаракат фаолиятида қатнашишига ваколат берди.

Ундан ташқари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол ҳаракат қилган инсонларнинг меҳнатини тақдирлаш учун Жамиятнинг Шавриқ Рўзимуродов номли мукофот ҳамда инсон ҳуқуқлари ва демократия учун олиб борган фаолияти сабабли қатағон (репрессия)га учраган инсонларни ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб қувватлаш учун махсус Ёрдам Жамғармаси ҳам таъсис этилди.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятининг Президенти этиб Ҳазратқул Худойберди, Жамиятнинг Ўзбекистон бўйича вице президенти этиб Баҳодир Намозов, МДҲ бўйича вице президенти этиб Абдуҳамид Пўлатов сайландилар. Жамиятнинг демократик давлатлар бўйича вице президенти лавозими ҳозирча вакансия ва у кейинроқ тайинланиши мумкин.

 

2011 йил 15-июл, Ангерс, Франция