Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати Дастури

Муқаддима

Ўзбекистон халқ ҳаракати(ЎХҲ)нинг асосий мақсади мамлакатда ҳуқуқий жамият қуришдир. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни халқаро конунларга мос ҳолда мамлакатда жорий этишни Ҳаракат узининг бирламчи вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.

Бу йўлда тўла тўкис ғалабага эришиш учун Ҳаракат ўз аъзоларининг фаолиятини белгиланган максадларга йўналтиради. Давлат ҳокимияти барча тизимларининг қонунларга сўзсиз амал қилишларини таъминлаш йулида  барча зарурий чораларни кўради.

ЎXҲ уз фаолияти давомида Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда барча соҳаларда  ислоҳотлар ўтказишни талаб килади.Агар мавжуд ҳукумат ЎXҲ талаб қилган ислохатларни  ўтказишдан бош  тортса,  у холда ҳаракат ҳукумат истефосини талаб килади.

ЎXҲ таъсисчилари Ўзбекистондаги И. Каримов бошқараётган бугунги режим кейинги йигирма йил ичида ўзининг нақадар жинояткор, халқаро ҳамжамият тарафидан эътироф этилган инсон ҳақ ва ҳуқуқларига ҳамда халқимизнинг эътиқодий ва миллий қадриятларига зид, ўз халқига қарши бир диктатура эканлигини кўрсатди, деган қатъий фикрдадир.

Халқаро ҳамжамият эътиборида умумий демократик шиорларни баён этаркан, И. Каримов бошлиқ ҳукумат амалда диндорлар, сиёсий мухолифат, инсон хууклари курашчилари ва эркин фикрловчи барча фукароларга қарши қақшатғич қатоғонлар, қийноқ ва қўвғин қилиш режимини ўрнатди.

«Ислом экстремизми» ва «халқаро терроризм» билан «кураш» баҳонасида ҳануз мамлакат тинч аҳолисига қарши давлат террори қўлланмоқда. Ҳар қандай мухолиф фикрга тоқатсизлик шу даражага етди-ки, бугунгача минглаб кишилар ўлдирилди, ўн минглаб кишилар қамоққа ташланди, миллионлаб кишилар ўз Ватанини тарк этиб, ўзга юртларда ҳақ-ҳуқуқсиз сарсон-саргардонлик ва дарбадарликка мажбур қилинди.

Бу зулмга қарши ўз норозилигини билдирган ҳар қандай киши Каримовнинг террор режими томонидан йўқ қилинмоқда ёки ўз юртини тарк этиб, ўзга юртлардан бошпана излашга мажбур бўлмоқда.

Каримов режимининг жинояткорлиги  2005 йил 13 май куни Андижон воқеаларида яна ҳам яққолроқ намоён бўлди. Президент билан учрашув умидида, ўз дардини баён этиб, очликдан, қашшоқликдан, ишсизликдан ва ижтимоий адолатсизлигу ҳокимларнинг масъулиятсизлигидан арз этиш учун йиғилган тинч намойишчиларга қарата Президент И.Каримовнинг буйруғи билан халқ армияси ўз халқига қарши ўт очишга сафарбар қилиндиУнинг шахсан назоратида амалга оширилган бу оммавий қирғин натижасида минглаб бегуноҳ фуқаролар ўлдирилди, ўн минглаб фукароларга оғир тан ва рўҳий жароҳатлар етказилди.

Бу разил ва қонли жиноятИ.Каримов сиёсатини ва унинг халқ муаммоларини қай тарзда ҳал этишини яққол намоён этди.

Ушбу воқеалардан сўнг, Каримов барча оммавий ахборот воситалари (ОАВ) учун бу фалокатни ёритишни, халқаро ахборот хизматлари учун эса Андижонга киришни таъқиқлади, бўлган воқеаларни шахсан ўзи талқин этиб, барча ёвузлик ва қон тўкилишларда диний ва дунёвий мухолифатни айблай бошлади.

Мавжуд ҳукумат сохта маҳкама жараёнларини уюштириб, фожеанинг тирик гувоҳларини қамоққа ташлади. Каримовга хос ёлғонлар ва қўрқитиш сиёсати учун бу янгилик эмас, балки 1990 йил Паркент ва Наманган тинч аҳолисига қарши, 1992 йил эса Тошкентда талабаларга қарши уюштирилган қатлиом жиноий сиёсатнинг узвий давоми эди.

Орадан бир неча йилларнинг ўтиши ҳам ўзбек халқининг қалбидан И.Каримовнинг бу жиноятларини асло ўчира олгани йўқ аксинча, бу ёлғон ва найранглар халқнинг диктаторга бўлган ғазаб ва нафратини оширди холос.

Тарихдан маълумки, ҳар қандай диктатор алалоқибат хор бўлган ва халқ эса бундай золимларга лаънатлар ўқиган. Биз диктатор Каримов мисолида ҳам шундай бўлажагига ҳеч ҳам шубҳа қилмаймиз.

Биз:

Тошкентда,Наманганда, Андижонда бегуноҳ қатл этилган ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз хотираси олдидаги, ҳамда Каримов зулмини тортган ва тортаётган яна минглаб қурбонлар олдидаги ўз бурчимизни англаган ҳолда;

Ноҳақ ва сохта айбловлар билан ўз эътиқоди ва дунёқараши учун қамоққа ташланган юз минглаб мазлум ака-укаларимиз ва мазлума опа-сингилларимизни озод қилиш йўлида;

Халққа ва инсонийликка қарши жиноий ҳаракатлар қилган ва килаётган Каримовнинг мавжуд мустабид тузумидан Ўзбекистон халқини бутунлай халос этиш мақсадида,  “Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ)” ни таъсис этдик.

Биз Ватанимиз тақдирига, фарзандларимизнинг келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарога, барча сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотларига мурожаат этамиз:

Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати сафларига бирлашинг! Фақат бирлашганимиздагина мамлакатда ҳуқуқий жамият барпо эта оламиз, халқимизни маънавий, сиёсий ва иқтисодий ҳалокатдан қутқара оламиз, ўз эркинлгимиз ва ор-номусимизни қайтара оламиз, ҳамда миллий бойликларимиздан халқимиз амалда  фойдаланишини таъминлай оламиз.

Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:

1. Ҳаракат фаолиятида халқимизни барча вакилларининг миллий ва эътиқодий қадриятларига, шунингдек дунёнинг ривожланган давлатларидаги башариятни ижобий тараққиётга етаклайдиган умуминсоний қадриятларга ўрин бериш.

2. Мамлакатимизда юқорида кўрсатилган қадриятлар асосида фуқаролик жамиятининг ўртага чиқиши учун ўз ҳиссасини қўшиш. Бундай фуқаролик жамиятида инсонларнинг миллий ва эътиқодий келиб чиқишидан қатъий назар ижтимоий адолатни таъминлаш, маънавий ва моддий қадриятлар орасида мутаносиблик ўрнатиш, зулмнинг ҳар қандай шаклини рад этиш, жамиятда бир шахснинг ёки табақанинг ҳукмронлигига йўл қўймаслик, эътиқодда, фикрда ва амалда ҳаддан ошишга, оғмачиликка, хурофатга ва буларга асосланган зўравонликка тўсиқ қўядиган жамият барпо қилиш.

3. ЎХҲ ўз мақсадига эришиш учун мамлакат ичкарисидаги ва унинг ташқарисидаги барча мухолиф кучларни бирлаштириш, уларни умумий курашга сафарбар этиш ҳамда уларнинг мавжуд имкониятларини Каримов режимига қаршилик тарафига йўналтириш;

4. Халқаро ҳамжамият ҳамда халқаро сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ташкилотларнинг эътиборини Ўзбекистондаги демократия ва инсон ҳуқуқларининг ачинарли аҳволига қаратиш;

5. Каримов тузумидан у ёки бу даражада ноҳақ жабрланган ҳар қандай фуқарога имкон қадар моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

6. Каримов диктатурасини тўхтатишга йўналтирилган кенг қамровли ижтимоий ва сиёсий фаолият олиб бориш;

7. Барча қонуний усуллар билан Каримов ҳукуматининг истеъфосига ва мустабид тузумнинг барҳам топишига эришиш;

8. Ўзбекистонда сўз, фикр, шахс ва матбуот эркинлигини тўлиқ ўрнатиш;

9. Мухожиротдаги диний ва дунёвий мухолифат вакилларининг ўз Ватанларига муваффақиятли қайтишига шароит яратиш;

10. Каримов бошлик Ўзбекистон ҳукумати истеъфосини талаб қилиб Республикамизнинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида оммавий ва тинч намойишлар ўтказилиши зарурий чора сифатида кўрилади.

11. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига аъзо бўлганлар эътиқодий ва фикрий ихтилофларини маслаҳатлашиш ва зарур бўлганда турли тоифалар орасида шартномалар тузиш йўли билан ҳал қиладилар. Ҳаракат раҳбарияти Шўро-маслаҳатлашиш усулида фаолият олиб боради. Ҳаракат раҳбарлари ўз фаолиятларида яккаҳокимликка йўл қўймайдилар. ЎХҲ ўз мақсадига эришишда аввало маърифат ва ташвиқот фаолиятларига ўрин беради. Бу мақсадда ҳаракатнинг мамлакат ичкарисида ва ташқарисида ўз бўлимларини очиши мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Дастури 2011 йил 24 майда Берлинда ўтказилган Қурултойда қабул қилинди