Ҳукмронлик ДНКси:“Нафс” кодининг мавҳум сирлари ҳақида

[Тайная связь кодов “властвовать” и “соблазнь» в ДНК у властителей

Om hemliga samband mellan ”makt” och ”frestelse” hos makthavarnas DNA

What is it? How are connection between “power” and “temptation”?]

 

 

Нафс балоси

“Ўзимдан чиққан балога, қайга борай давога!”

Табибнинг “Нима сабабдан ўз жонингизга қасд қилмоқчи бўлдингиз?” деган саволига у “Мен ўзимдан ўзим нафратланиб кетаяпман” деб жавоб берди.

Табиб:”Нега ўзингиз ўзингиздан нафратланиб кетаяпсиз?” деб сўраса у “Мен кўп ёмон ишлар қилдим, кўп одамларга ёмонликлар қилдим. Мени ёмонликларим сабаб кўп одамлар қамалиб кетдилар” деди.

Табиб:” Нега, нима сабабдан сиз одамларга ёмонликлар қилдингиз? Биров сизни бунга мажбур қилдими?” деб сўради.

У:”Йўқ. Мени ҳеч ким мажбур қилгани йўқ” деди.

Табиб:”Бўлмаса бундай ишлар қилишингизга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?”

У:”Нафс”.

Табиб:”Нима? Нафс?”

У:”Ҳа, буларни барчасига нафс сабабчи бўлди. Мен унга қарши тура олмадим. Энди қилган ишларимдан пушаймон бўлаяпман. Ўзимни ўзим жуда ёмон кўриб кетаяпман. Шу учун ўзимни ўлдирсамгина бу азоблардан қутула оламан” деб қаттиқ қаттиқ гапирди ва шундан сўнг кўзларини полга михлаганича яна жимлик қаърига шўнғиб кетди. Худо билсин, шу йўл билан у балки нариги дунё даричасини кўришга интилгандир....Аммо нима бўлганда ҳам у бошқа лом мим демади. Табибнинг қолган барча саволларига энди у индамай бош силкиш, ора сирада, истар истамас “Ҳа” ёки “Йўқ” деб жавоб бериш билан чекланди, холос.

Ана шунақа муолажа сўҳбатлари ҳам, унга берилаётган бир талай дори дармонлар ҳам унга асло кор қилмас, аҳволи худди эрта баҳор ҳавосидек тез тез ўзгариб турар эди. У яна икки марта ўз жонига қасд қилди, аммо унга ё журъат етишмас, ё касалхонадаги ўта чекланган имкониятлар имкон бермас, ё Аллоҳ таолонинг унга бу дунёда белгиланган жазолар ҳали ниҳоясига етмаган эди...  

 

 

Фикрлаш бурчаги

Бошқаларни билмадиму аммо менинг уйда фикрлайдиган бир жойим бор. У ошхонадаги ихчамгина диванни сўл, яьни очиқ томондаги бурчаги. Мен ўша ерда ўтириб ишласам фикрларим баракалироқ бўлади. Бу билан мен бошқа жойларда ўтирсам каллам яхши ишламайди демоқчи эмасман, балки ҳар бир инсоннинг ўзи суйган ва унга хотиржамлик ва роҳат бахш этадиган ўзларининг махсус сўлим маконлари бор демоқчиман, холос.

Бугун ана шу ўзим суйган диванга чўкар эканман анчадан бери мени уйлантириб келаётган бир сирли муамммо ҳақида уйлай бошладим.

Аслида бу муаммо биргина мени эмас балки бутун инсониятни у пайдо бўлган ва ибтидоий жамоалар шаклида яшай бошлаган даврлардан бери уйлантириб келаяпти десам хато бўлмайди.

Бу сирли муаммонинг оти – Бир инсоннинг бошқа инсонлар устидан ҳукмронлик қилишга бўлган қизиқиши, эҳтиёжи ва уни амалга оширишга етакловчи кучларнинг сирли ҳаракатларидир.

Бундай қизиқиш ҳаммага ҳам мансуб эмас, ҳамма ҳам ҳукмронлик қилишга, бошқа инсонлар устидан бошқарувликка интилмайдилар.

Бу дунёда ушбу кунда 6 миллиард инсон бор дейишади. Ану шу 6 миллиард инсонни ҳар бирининг фақат уларнинг ўзигагина хос бўлган ўз ДНКлари бор. Ҳаттоки эгизаклар Ҳасан билан Ҳусан, Фотима билан Зўҳраларнинг ҳам уларнинг ҳар бирини ўзига хос бўлган ДНКси бўлар экан. Фақат айрим ҳолларда, бир тухумдан бўлган эгизаклардагина уларнинг ДНКлари ўхшаш бўлиши мумкин экан, холос.

Энди асосий гапга қайтсак. Демак 6 миллиард одамлардан уларнинг айримларигина бошқалар устидан раҳбарлик қилишга қизиқадилар.

Бундай инсонларнинг ғирт тескариси – ижодкор инсонлар. Файласуфлар, шоирлар, рассомлар, ҳайкалтарошлар сукунатни севишади. Улар ҳаётдаги турли туман шоду хуррамликлару маишатдан кўра осуда бир кўл бўйида ёки гўзал бир боғда, тинчгина ўтириб ижод қилишни яхши кўрадилар.

 

Бизларни ҳар биримиз турличамиз, қизиқишларимиз ҳам турлича.

Аммо бизларни ичимизда ажралиб турадиган, доим кўпчиликни эътиборини ўзларига тортадиган бир тоифа одамлар бор. Уларнинг ДНКсига генетик равишда, уларнинг ота боболари ёки узоқ ўтмишдаги бобокалонларидан “бошқарувга қизиқув” деган бир ген ўтган.

Агар боқча ва мактабларда эътибор берган бўлсангиз, кўпинча болалар бир етакчи бола атрофида тўпланиб туришганини кўрасиз. Келажакда ижодкор бўладиган болалар эса кўпинча бошқалардан алоҳида, чекка чеккаларда ўтиришади, агар улар кўпчиликка қўшилсалар, у ҳолда имкон қадар ўзларини кўрсатмасликка интиладилар...

 

Ана шу ДНКлар ичида “нафс” деган бир код, бир сири асрор бор. Бу кодни тушуниш кўпчилик учун табиий равишда кечади, мас., бизнинг кўпчилигимиз ўз нафсимизни керакли пайтда тия оламиз. Аммо афсуски айримлар ана шу ҳусусиятдан, яъни ўз нафсини тия олиш хусусиятидан ё тўлиқ маҳрумлар ё унинг кичик бир қисмига эгалар холос.

Сизнинг нафсингиз нафақат овқатда ва ичимликда балки истаган нарсада кўзга ташланиши мумкин. Мас., эркакларнинг аёлларга, аёлларнинг эркакларга қизиқишларида, болаларнинг ширинликка, катталарниинг ичимликка, тамакига, гиёҳванд моддаларга, овга, қиморга ва бошқа нарсаларда ҳам нафслари кўзга гоҳида билинар билинмас, гоҳида эса яққол кўзга ташланиб турадилар.

 

[Қизиққанлар учун кичик бир масала: Нафсни инсон танасида қай даражада кучли ёки кучсиз ривожланганини кўриш учун шундай бир тажриба қилиш мумкин:

Агар сиз 60 кишининг ҳар бирига нақ 6 кунга етадиган озиқ овқат ва ичимлик суви бериб, уларга 240км узоқда жойлашган манзилга 6 кундан кечикмасдан етиб келишни топширсангиз, кимлар биринчи, кимлар иккинчи, учинчи ва ҳоказо тартибда манзилга етиб кела оладилар ва кимлар манзилга умуман етиб кела олмайдилар деб ўйлайсиз? Эътибор беринг! Бу ерда ҳеч қанақа шарт қўйилмаган! 

Бу масала атрофида ўйлаб кўринг ва жавобингизни менга юборинг ёки уни мени жавобимга солиштириб кўринг. Мени жавобим ушбу мақолани тугатганимда, мақола сўнггида берилади]. 

 

Ҳукмронликка интилиш ва нафс орасидаги ўзаро боғлиқлик

Бу икки тушунча ўртасида боғлиқлик борлигига менда ҳеч қандай шўбҳа йўқ. Аммо мен билишни ва тадқиқ қилишни истаган нарса: Ана шу икки нарсанинг айрим инсонлар танаси ва рўҳиятидаги ўрни, ҳажми, роли ва улар келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлардир.

(Давоми бор)

2011 йил 24-апрел

Ҳазратқул Худойберди