Қандай қилиб курашиш ҳақида

 

Сўнгги кунларда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати аъзолари, унинг веб саҳифаси ўқувчилари ҳамда Ҳаракатнинг Facebookдаги хайрихоҳлари “сиёсий курашимиз қандай бўлади? Қандай қилиб Ислом Каримов ҳукумати ҳокимиятдан четлатилади ?” деган ўринли саволларни бермоқдалар.

Шу учун мен бу мақолада қисқача ва оддий бир кўринишда бизнинг сиёсий курашимиз қандай бўлиши ҳақида ўз фикрларимни баён қилмоқчиман.

Авваламбор ҳар қандай сиёсий ташкилот, агар у ҳокимиятга даъвогар бўлса, биринчи навбатда ўзини халққа таништириши ва унга ўзининг мақсад ва вазифаларини тушунарли, оддий усулда етказиши керак. Бу нарсалар бирламчи кўринишда асосан бир Манифест шаклида берилса етарлидир аммо у ўз ичига икки мўҳим нарсани, яъни Сиёсий ва Иқтисодий дастурларни қамраб олиши керак.

Хўш, бизнинг бу дастурларимиз нималардан иборат?

Сиёсий Дастур:

-     сиёсий кураш ва унинг босқичлари ҳақида;

-     мавжуд режимни ҳокимиятдан четлатиш йўллари;

-     Янги ҳокимиятни иқтидорга олиб келишдаги дастлабки қадамлар:

     а) Ўтиш Даврида мамлакатда сиёсий бошқарувни таьминловчи   

         Муваққат ҳукумат

     б) Ўтиш Даврининг асосий масалалари, уларнинг ечимлари

     с) Ўтиш Даврида маҳаллий ва Марказий ҳокимият тизимлари ва

         уларнинг фаолиятлари

-     мамлакатда кенг кўламда демократик ислоҳотларни босқичма босқич амалга ошириш ҳақида Муваққат Ҳукуматнинг Миллий Концепцияси, унинг тадбирлари ва амалга ошириш йўллари

Иқтисодий Дастур: Ўтиш Даврида барча иқтисодий масалалар токи эркин, демократик сайлов йўли билан Янги Ҳокимият тузилгунга қадар Муваққат Ҳукумат тарафидан, унинг Махсус Иқтисодий Дастури орқали ҳал қилиб борилади. Бу Иқтисодий Дастур ўз ичига олиши лозим бўлган энг асосий масалалар мажмуаси:

-     болалар, оналар ва қарияларни ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари;

-     халқнинг ўз ўзини таьминлашига имкон берадиган қонунлар мажмуаси ва уларни амалда ишлашини таьминлаш механизмлари;

-     чэт элларда саргардон бўлиб юрган миллионлаб Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтиб келишлари учун зарурий чора тадбирлар ва ислоҳотлар руйхати;

-     мамлакат миқёсида марказий ва маҳаллий ҳокимият тизимлари томонидан ўтказилиши лозим бўлган Ўтиш Даврининг Умумий Иқтисодий ва Ижтимоий Ислоҳотлар руйхати.

Бу уч асосий масалалар (сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий) Ўтиш Даврида Муваққат Ҳукуматнинг гарданига юклатиладиган масалалардир.

Муваққат Ҳукуматнинг ваколати токи эркин ва демократик сайловлар орқали Янги Парламент, у эса ўз навбатида Парламентдаги энг кўп ўринларни эгаллаган партия(ёки блок)аъзоларидан ташкил топган Янги  Ҳукумат тузилгунга қадар фаолият юритиши Ўтиш Даврининг барча ҳужжатларида аниқ кўрсатилиши керак.   

Диктатурадан озод бўлган эркин Ўзбекистоннинг сиёсат майдонига кириб келадиган ҳар қандай сиёсий кучлар эса аввал партиялар кўринишида шаклланиб, Мувақққат Ҳукуматнинг Адлия вазирлигида руйхатдан ўтиб, Ўтиш Даври Дастурларида кўрсатиладиган Янги партиялар тузилиши талабларига жавоб бериши лозим бўлади. Бу талаблар эса мавжуд диктатурага қарши курашган ва уни ҳокимиятдан кетказишда фаол иштирок этган партиялар, ҳаракатлар, жамиятлар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари томонидан тузилган Умумий Миллий Келишувда аниқ қилиб кўрсатилгаан бўлиши керак.  

Ушбу кунда Ўзбекистондаги Ислом Каримов Диктатурасига қарши мухофатда бўлган ҳар қандай сиёсий ташкилотнинг(шу жумладан Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ҳам) сиёсий кураши асосан бир нарсага -  Ислом Каримов раҳбарлигидаги мавжуд Ҳокимиятни истеъфога чиқариш ва унинг ўрнига халқ ўзи сайлаган одамлардан иборат Янги Ҳокимиятни иқтидорга келтиришга  қаратилган.

Нима учун Ислом Каримов Ҳокимияти истеъфога чиқиши керак?(Бу масалани мен алоҳида бир мақоламда ёритиб бормоқдаман ва унинг айрим қисмлари билан сиз мана бу ерда танишиб боришингиз мумкин). 

Биринчидан бу ҳокимият аслида ноқонунийдир. Бунинг сабаби шундаки, фуқаро Ислом Каримов унга Москва томонидан 1988 йилда берилган олий мансаб, яъни Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказқўмини биринчи котиблигини суистеъмол қилиб, бу мансабидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Конституциясининг «Президент ҳақида»ги 90 моддасини бир неча бор, кетма кет бузди. Ана шу 90 моддада жумладан шундай дейилган:» Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.»

 

Фуқаро Ислом Каримов ўз мансабини суистеъмол қилиб Конституциянинг бу моддасини бир эмас, икки эмас балки 4 (!) марта бузди.  У Москва томонидан Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Ўзбекистон бўлимига биринчи котиб қилиб сайланган вақтда АҚШда Билл Клинтон президент эди. Каримов у билан бир марта учрашди.

Б.Клинтон  2 муддат(яъни саккиз йил) президент бўлгач АҚШ Конституциясига биноан ҳокимиятдан кетди.

Ундан кейин ҳокимиятга Дж.Буш келди. Каримов у билан ҳам учрашди. Дж.Буш ҳам 2 муддат (саккиз йил) президент бўлгач у ҳам АҚШ Конституциясига биноан ҳокимиятдан кетди.

Дж. Бушдан сўнг Барак Обама АҚШ президенти бўлди. Каримов ҳозирча у билан учрашиш бахтига муяссар бўла олмади. Б.Обаманинг ҳам биринчи президентлик муддати тугашига ўн бир ой қолди.

Мана шу оддий аммо аччиқ ҳақиқатдан ҳам кўриб турибсизларки Каримов барча президентлардан кўпроқ ўз мансабига маҳкам ёпишиб олган. Нега? Чунки у мансабни, ҳокимиятни яхши кўради. Ўзбекистон Парламентининг депутатлари эса у айтган  чизиқдан 1мм ҳам четга чиқмай, қонунларни Президент талаб қилганидай ўзгартириб боришади.

Бирламчи Конституциямизда(1992й.) Президентлик муддати 4 йил эди. Уни Каримовни талабига биноан 7 йилга узайтиришди. Конституцияда “Президент фақат сайловлар орқали сайланади” дейилган эди. Аммо Парламент депутатлари яна Каримов талабига ва чизган чизиғига биноан яна Конституцияга ўзгартиришлар киритишди ва Президент сайловлари ўрнига референдум ўтказиб унга яна ўз мансабини умрини узайтиришга ёрдам беришди.

Ниҳоят қарилик туфайли ўзининг яқин йилларда олий мансабдан кетишга мажбур бўлишини тушунган Каримов авввалги хаатосини тузатишга уринди ва яқинда президентлик муддатини яна 5 йилга туширди. Кўриб турганингиздек, у Конституцияни ҳам, “халқ депутатлари”ни ҳам истаган йўриғига солиб иш қилаверади, ҳоҳласа бу моддани киритади, хохласа ёқмаган моддани олиб ташлайди.

Дунёда бирор ўзини ҳурмат қиладиган давлатда униинг сиёсатчилари Асосий Қонун бўлмиш Конституцияни Каримов ва унинг малайлари бўлмиш Ўзбекистон депутатларидек оёқ ости қилишмаган. 

Энди Президент Ислом Каримов сурункасига бузаётган қонунлар ва моддаларнинг энг асосийлари ҳақида(афсуски бу ерда у бузаётган қонунларни ҳаммасини келтириб бўлмайди, чунки улар бир неча томларни ташкил қилади):

93-модда.  Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

1)    фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир;

 

 Хўш, Ўзбекистон Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили бўлса нега унда ёзувчи Мамадали Маҳмудов, собиқ Парламент депутати ва Муборак шаҳар ҳокими Мурод Жўраев, инсон ҳуқуқлари курашчиси Аъзам Фармонов, журналист Муҳаммад Бекжон ва яна юзлаб(!) жамиятнинг фаол фуқаролари ҳеч бир асоссиз равишда қамоқларда ўтиришибди? Нега уларнинг азиз умрлари у ерларда хазон қилинаяпти?

Қани Президентнинг Ўзбекистон қонунларига риоя этилишига кафиллиги?

У кафиллик йўқ, ҳеч қачон бўлган эмас ва бўлмайди ҳам. Бу кафиллиик фақат қоғозда бор холос.

 

Энди Президент Ислом Каримовнинг Диктатор Каримовга айланиб қолганининг “ҳуқуқий” томонлари билан танишайлик.

Яна Каримовни ўзининг талабларига биноан Ўзбекистон Парламенти депутатлари унга шунчалик кўп ваколатлар берганларки, ўйланиб қоласан киши:”Ие, агар Президентга шунча ваколатлар берган бўлсанглар, унда сизларнинг нима керакларингиз бор? Ҳамма масалаларни ҳал қилиш сиз халқ вакилларининг эмас, балки унинг, якка бир одамнинг қўлида эканку!”

Мен Конституцияда белгиланган Президент ваколатларини ҳаммасини келтириб ўтирмайман, чунки у узундан узун бир руйхат аслида ва у билан мана бу ерда танишишингиз мумкин: http://www.lex.uz/guest/irs_html.winlav?pid=20596  .

 

Мен сизларнинг эътиборингизни Конституциянинг яна ўша моддасидаги бир бандига қаратмоқчиман холос: 

 “93-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

 14) вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг судьяларини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади”;

 

Энди бир фараз қилиб кўрингчи, 74 ёшга кирган бир қария 13 вилоят, 120дан ошиқ туманлар, 100дан ошиқ шаҳарлар, 1000дан ошиқ лавозимларга одамларни тайинлаши ва озод қилишини вақт ва практик нуқтаи назардан имкони борми?

Бор, агар у бошқа ҳеч иш билан шуғулланмаса ва 93 модданинг қолган 25 бандлаари ва умуман Констиуциянинг 128 моддаларига қўл силтаса!  

Диктаторликни ўз қўллари билан яратган ва бу мансабни ўз қўллари билан бир одамга топшириб қўйган депутатлар бир нарсани ҳисобга олишмаганлар, яъни: “Диктаторликнику қонунлаштирдик. Аммо у бир ўзи Ҳокимиятнинг бу оғир аравасини барибир торта олмайдику. Бу ёғи қандоқ бўлади агар арава бир жойда тақа тақ тўхтаб қолса?” деб фикрлаб кўрмаганлар.

 

Нафақат 90нчи балки Ўзбекистон Конституциясининг қолган 127 моддалари ҳам, бошқа бир талай бошқа қонунлар ҳам ҳокимиятнинг бош раҳбари томонидан мана 21 йилдирки сурункасига бузиб келинмоқда. Аммо мамлакатда бирор одам йўқки бу босар тусарини билмай қолган қариядан дангалига сўраса:”Ҳей жаноб! Нега сиз ичган қасамларингизни ҳам, мамлакат бош қонунини ҳам ва ўзингиз ва малай ҳолига тушиб қолган депутатларингиз ҳам ўзларингиз чиқарган қонунларни ҳеч ўйламай нетмай бузаверасизлар? Тартиб қоида, Қонун деган нарсаларни, уларга энг аввало сиз ўзингиз риоя қилишингиз лозимлигини биласизми? Ёки қонунларнинг баҳоси сизлар учун бир тийинми?”  

 

Ўзининг раҳбарига қараб ўрганаётган ҳокимиятнинг марказий ва маҳаллий идораларидаги вакиллари ҳам қонунлар ва Конституцияни бузишда ўз раҳбарларидан қолишмайдилар. Қонунларни энг кўп бузадиганлар сафида Ҳуқуқ тартибот органлари туришади.

Асосий вазифалари фуқароларнинг тинч ҳаётини қўриқлаш, уларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган давлат органининг вакиллари ўзлари фуқароларнинг тинчини бузишади. Уларни тинчгина яшагани қўйишмайди, диктаторнинг бир имоси билан уларни сабабсиз қамоқларга тиқишади ва у ерларда бечора маҳбусларни узоқ йиллар давомида қийнашади. Ахир бундан ортиқ худбинлик бўладими?

Агар давлат қонунлари ҳокимият вакиллари томонидан шу қадар бузилаверса, уларни бундай қонунбузарликларини тўхтатадиган бирор давлат органи бўлмаса, у ҳолда нима қилиш керак? Ўз босар тусарини билмай қолганлар давлат жиноятчилар тўдасини, қонунларни бажарилишини назорат қиладиган давлат идораси бўлмаган ҳокимиятни қандоқ қилиб қонуний дейиш мумкин? Шу бугун мақола ёзилаётганда олинган бир хабар, бир онахоннинг ўзининг ноҳақ қамалгани ўғли ҳақида ва бундай мисоллар ўн эмас. Юз эмас балки юз мингларча... 

Ана шунинг учун ҳам бу ҳокимиятнинг барча бўғинлари, марказда ҳам, жойларда ҳам ёппасига истеъфога кетишлари керак. Бу энг аввало халқ, кейин эса замон ва давр талабидир.

Ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олган, давлат қонунларини назар писанд қилмайдиган, ўз сиёсатини халқни ўзига зўрлик билан бўйсундириш орқали олиб борадиган ҳукуматлар бу дунёда диктатура деб аталадилар.

Ана шундай сиёсат юргизиб келган диктатуралар бирин кетин ағдарилмоқдалар. Уларга мисоллар: Чилининг Пиночет,Руминиянинг Чаушеску, Мисрнинг Муборак, Туниснинг Бен Абдулла, Яманнинг Абдулла Солиҳ диктаторлик тузумларидир. Уларнинг барчалари халқ томонидан ағдарилдилар ва улар ўрнига халқнинг ўзи сайлаган вакиллари янги ҳукуматларни туздилар. Бугун бу давлатларнинг барчалари тараққиёт сари жадал қадамлар билан ривожланмоқдалар. ИншоАллоҳ Ўзбекистонда ҳам шундай бўлажак!

 

Давоми бор

Ҳазратқул Худойберди

2012-01-08