Сукут ҳамиша ҳам ризолик аломати эмас       Видео

Қашшоқлик. Айнан ана шу нарса турли замонларда барча халқларнинг исён кўтаришга, ўзини ва бола чақаларини нон билан таъминлаш учун ҳар қандай ҳокимиятни ағдар тўнтар қилиб ташлашга мажбур қилган асосий сабаблардан биридир.

Агар Ҳукумат фуқароларнинг оддий ҳақ ва ҳуқуқларини топтаса халқ бунга чидайди. Одамлар “Ҳа, майли. Ҳукуматнинг ўзини барча амалдорларини назорат қилиш имкони йўқдир” дейиши мумкин.

Агар Ҳукумат оналар ва болаларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини ҳурмат қилмаса, халқ бунга ҳам чидайди. “Ҳа, майли. Ҳукуматнинг оналар ва болалардан кўра мўҳимроқ ишлари бўлса керак” деб андиша қилади одамлар.

Агар Ҳукумат қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз ногиронларга етарлича ёрдам бера олмаса, одамлар бунга ҳам чидайди. “Шунчалик кўп қариялар, етимлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишга Ҳукуматнинг маблағи етмаса керак” деб хўрсиниб қўяди у бечоралар.

Агар  Ҳукумат ёш ва навқирон авлоднинг ўқиши, ривожланиши ва уларнинг келажакда етук инсонлар бўлиб етишишлари учун махсус чора тадбирлар кўрмаса, халқ бунга ҳам чидайди. “Ёшлар бир амаллаб ҳаётда ўз йўлларини топиб кетадилар” деб қўя қолади халқ.

Аммо ўзининг кўплаб ҳақ ва ҳуқуқларининг сурункали равишда поймол қилинишига ўрганиб қолган халқ чидамайдиган бир нарса бор. Унинг номи ҚАШШОҚЛИКДИР.

Чунки инсонларни қашшоқликка ҳам қўл силташга имконлари йўқ. Чунки очликдан чирқираб турган гўдакни сиз ҳеч нарса билан алдай олмайсиз. Агар фуқароларнинг кичик бир қисми қашшоқликка маҳкум қилинганда эди, буни тушуниш ва кечириш мумкин эди. Аммо бугун Ўзбекистон фуқароларининг ишга яроқли ва меҳнатга чанқоқ бўлган энг асосий қисми қашшоқликка маҳкум қилинган. Уларнинг сони миллионларни ташкил қилади.

Бунга чидаш ҳам, унга қўл силташ ҳам мумкин эмас!

Агар фуқароларга ўз ватанларида ўзларини бир бурда нон билан таъминлаш имкони берилганда эди, бундай қашшоқликка чидаш мумкин ва айбни инсонларни ўзларига ағдариш мумкин эди.

Аммо бугун Ўзбекистон фуқароларининг катта бир қисми ўз она юртларида ишлаш ва шу йўл билан бир бурда нон топишдек оддий имкониятдан маҳрумлар!

Шу сабабдан улар бола чақаларини аёллар ва қариялар қўлига топшириб, ўзлари Россия, Қозоғистон, Туркия, Украина, Жанубий Корея каби давлатларда иш излаб, сарсон саргардон юришга мажбур қилинмоқдалар.

Бундай ҳолатга чидаш ҳам, унга қўл силташ ҳам мумкин эмас!

Ўз фуқароларини чет элларда сарсон саргардонликка мажбур қилган давлатлар ичида Ўзбекистон дунёда биринчилар қаторидан жой олган. Аҳолининг жами сони 28 миллионга тенг бўлган халқнинг ишга яроқли 12 миллион қисмидан 5 миллиони чет элларда саргардон бўлиб юриши тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.

Бундай ҳолат инсонларни ҳам маънавий, ҳам ижтимоий тушкунликка олиб бормоқда.

Миллатнинг тақдири ва келажаги, мамлакатни бошқариш масалалари бир гуруҳ уқувсиз ва қобилиятсиз амадорларга  топшириб қўйилгани сабабли фуқароларнинг ҳаёти кун сайин оғирлашиб бормоқда. Бу нарса ўз навбатида фуқароларнинг сабр тоқатларини тўлдириб юбормоқда.

“Очдан қоч” дейди доно халқимиз. Энг оғир ҳолатдаги қашшоқликка, яъни ўз ватанида меҳнат қилиб, ўзини бир бурда нон билан таъминлашдек оддий инсоний ҳуқуқдан ҳам маҳкум қилинган халқ энди нима қилсин? 

Қани, бу саволга ким жавоб беради?

Агар бу саволга жавоб берадиган инсон мамлакатда бўлмаса; Агар давлатни бошқаришдек буюк бир вазифа бир гуруҳ ноқобил, уқувсиз, порахўрликкка бўғзигача ботган, таркиби эса нопрофессионал кадрлардан ташкил топган ҳукуматга топшииришлан бўлса у ҳолда халқнинг бундай ҳукуматдан воз кечишга тўла тўкис ҳаққи бордир!    

Муаммони тушунган ва уни англаб етган инсонларгина уни ҳал қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мамлакатдаги ишсизлик ва у келтириб чиқарган қашшоқликдек оғир муаммони ҳал қилишни ўзининг асосий вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати таркибида турли соҳаларда ўз касбларини мукаммал даражада эгаллаган профессионал кадрлар мавжуд ва улар мамлакатни оғир инқироздан олиб чиқиш қудратига эгадирлар.

Агар сиз ҳам Ватан ва халқ учун, унинг порлоқ бугуни ва келажаги учун ўз ҳиссангизни қўшишни истасангиз Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларига қўшилинг.

 

 

2011-05-31

Ҳазратқул Худойберди