Компьютер ортига бекиниб олиб курашаётган ожизларга

 

Бугун одатдагидек Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар Мажлиси аъзоларининг навбатдаги йиғилиши менга саволлар беришдан бошланди. Мажлис аҳлининг саволлари Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятининг (Жамият бугун айнан ана шундай деб аталади) Ангерс (Франция) шаҳрида бўлиб ўтган Қурултойи ҳақида эди.

Мен қисқача бу Қурултойни қандай ўтгани ҳақида сўзлаб бергач биродарларим менга «Замондош»сайтида яна фисқу фасодлар ва Ҳаракатга тош отишлар давом этаётгани ва бу сафарги ҳужум Инсон Ҳуқуқлари Жамиятидаги муаммолар баҳонасида амалга оширилаётганини айтишди.

Тўғриси мен ажабланмадим, чунки бу сайт аллақачондан бери «Янги дунё» сайти каби Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига қарши турли туман чиқишлар ташкиллаштириш йўлига ўтиб олгани менга аён бўлган эди. Афсуски Улуғбек Бакиров ўзи ё билиб, ё билмай ўзи меҳмон сифатида қатнашган , кўрган ва қудратига тан берган катта бир Ҳаракатга қарши аҳмоқона ишларга аралашиб қолаяпти.

Бу ишларнинг аҳмоқона томони шундаки, Ўзбекистондаги Ислом Каримовнинг мустабид тузумига қарши кураш авж олаётган ва аксарият кўпчилик ана шу курашга ўзларини сафарбар қилаётган бир пайтда бу сайтларниинг эгалари компьютерлар ортига беркиниб олган ожизларнинг ифлос қўллари ва нопок диллари билан бу курашга халақит бермоқдалар.

Кеча «Замондош»да ана ўша ожизлардан бири, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг собиқ президенти Абдужалил Бойматов сўзга чиқибди.

Уни бу сайтда алжирашларини кўриш ва эшитишга мен мажбур бўлдим, чунки Ҳаракатга тош отаётганлар Жамиятдаги муаммоларни баҳона қилиб менинг Ҳаракатдаги биродарларимни ҳеч бир сабабсиз айблаган эканлар.

Сўҳбат бошида бу ожиз инсон бўлмиш А.Бойматов «Биз Жамият Қурултойида қатнаша олмадик» деди. Нимага қатнаша олмадинг номард? Касалмисан? Ногиронмисан? Камбағалмисан? Ёки шунчаки бир ожизмисан?

Бу саволларни аслида Улуғбек Бакиров бериши керак эди, сўзларни қоғоз поғозга ўраб, акаси Абдужалилни йиғлатиб юбормаслик учун.

Қурултойга Ўзбекистондек занжирлар осилган, жаллодлар ўраб турган узоқ бир макондан нозиккина Гулшаной Қораева етиб кела олдию Франциянинг шундоққина биқинида жойлашган Ирландия деган давлатдан «Мен ҳозир ҳам Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини Президентиман!» деб кўкрагига ураётган бир инсон кела олмади.

Нима учун? Ҳамма жавоблар, ҳамма йиғи-сиғиларнинг сабаби ана шу биргина саволнинг жавоби ортига яширинган.

А.Бойматовнинг Қурултойга кела олмаслигини фақат юқорида келтирилган сабаблардан бирортаси оқлай олиши мумкин. Чамамда у касал эмас, ногирон ҳам эмас, ўта камбағал ҳам эмас. Унинг ёлғиз сабаби, бу унинг ожизлиги.

Инсоннинг ожизлиги айб эмас, қачонки у буни тан олса. Аммо у ўз ожизлигини тан олмай оғилхонада қўлга туширилган товуққа ўхшаб ҳадеб қақиллайверса, демак у нафақат ожиз, балки қандайдир бедаво дардга йўлиққан ҳам чиқар.        

Мен унинг барча қақиллашларини анализ қилиб ўтирмайман, бунга менда на хоҳиш, нада вақт бор.

Мен бу ожиз инсоннинг фақат бир жойдаги қақиллашини таҳлил қилмоқчиман холос, бунга мажбурман. Чунки у энди мен ва Толиб ака қолиб, энди менинг Ҳаракатдаги биродарларимга ҳам тош ота бошлабди.

Нима эмиш, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятидаги можароларга ташқи кучлар, хусусан Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбарлари таьсир кўрсатаётган эмиш.

Сени фақат товушинг товуқникидек десам миянг ҳам ундан қолишмас экан. Бўлмаса ўзингдан чиққан балога ташқаридан сабаб қидирасанми номард?

Мени Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларига киришимни ўзи жуда қийин бўлган. Киргач эса менга қўйилган илк савол “Сиз қайси ташкилот номидан қатнашаяпсиз?” деган гап бўлди.

Ана холос, мен бирор ташкилотдан бўлишим шарт эканми деб ўйловга тушдим. Афсуски “Бирлик” Халқ Ҳаракати сафларидан чиқиб кетганимга 9 йил бўлди, бунга сабаб унинг раиси Абдураҳим Пўлатовнинг ўз танқидчиларига нисбатан Бойматов каби чийиллаб, ҳақиқатни, яъни катта ва кучли бир ташкилотга раҳбарликни бажара олмаслигини тан олмаслиги ва уни сайлов йўли билан алмаштирмоқчи бўлганларга нисбатан очиқдан очиқ курашгани бўлди. Чунки мен 1995йилда Москвада “Бирлик”нинг Муҳожиротдаги Ишчи Қўмитасини раиси сифатида “Бирлик”нинг Москва Конференциясини чақиришга муваффақ бўлиб, А.Пўлатов масаласини кун тартибига қўйганимда 15 кишидан 8 киши уни ёқлаган эди ва шу сабабдан у аранг ўз “тахти”ни сақлаб қолган эди. Кейинчалик уни ёқлаганларни яримидан кўпи “Бирлик”ни тарк этдилар.

Аммо афсуски бу инсонлар ўз вақтида қандай хато қилганларини англай олмадилар. Натижани бугун ҳамма кўриб турибди, яъни бир пайтлар қудратли бўлган “Бирлик” бугун ташкилот сифатида сиёсат саҳнасида лиқиллаб қолган бузуқ арава шаклига тушди.

Фаросати йўқларга бир нарсани айтиб қўяй: Мен Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларига ҳали уни таьсис мажлиси чақирилмасдан туриб, Facebook орқали аралаша бошлаганман ва буни Бойматов жуда яхши билади. Кейинчалик мени Қурултойга “Андижон Адолат “ташкилоти таклиф қилди ва у ерда мен “Сиз қайси ташкилот номидан қатнашаяпсиз?” деган саволга “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти номидан” деб жавоб бердим, чунки бу масала бўйича Толиб ака билан маслаҳатлашиб, унинг ризолигини олган эдим.

Шунинг учун менинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолиятига қатнашишимда на Ҳаракат аъзоларининг, на Муҳаммад Солиҳнинг бирор алоқаси бор.

Мендан ташқари Ҳаракатниинг Қурултойига Жамиятимиз фаолларидан Насрулло Саидов ва Тўлқин Қораевлар ҳам таклиф қилинган эдилар аммо Тўлқин кела олмади ва биз Насрулло Саидов иккаламиз Ҳаракатнинг Қурултойида фаол қатнашдик.

Мана энди А.Бойматов бу оддий ҳақиқатни тан олмай, ўз биродарларини олдига бормай, улар билан бир дастурхон атрофида ўтириб, ичидаги дардларини уларга очиқ айтишга қўрқиб, компьютер орқасига беркиниб олиб кураш олиб бормоқчи. Яна кимга қарши денг? Ўз устозига, ташкилотдаги ўз биродарларига ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига. Чумчуқ ҳам бир пайтлар ғозни юришини қиламан деб бути айрилиб ўлган экан.

Ўпкани босиб олиш вақти келмадимикин эй ожиз банда?

 

Ҳазратқул Худойберди

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 1992йилдан бери аъзоси,

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятининг президенти

2011 йил 19-июл