Бугун Толиб аканинг туғилган кунлари

22 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган сиёсатга, унинг инсон ҳақлари масалаларида йўл қўяётган жиноятларига қарши курашиб келаёган энг собитқадам инсон ким деб сўрасангиз мен бу инсон Толиб ака Ёқубов деб жавоб бераман.

Мен Толиб акани 21 йилдан бери танийман ва ҳали ҳанўз сиёсат ва инсон ҳуқуқлари  масалаларида тинмай курашиб келаётган Ўзбекистон сиёсатчилари ва ҳуқуқбонлари ичида у кишига тенглашадиган бирор инсонни номини айтишим амри маҳол.

Бунинг сабаби шундаки, Толиб ака бошқалардан ўзларининг ишлаш услублари билан алоҳида ажралиб турадилар. Бу усулнинг энг кучли томонларидан бири - бу узоқ йиллардан бери у кишининг ўта камтарлик ва сабр тоқат билан шафқатсиз Каримов тузумига қарши олиб бораётган собитқадам курашларидир.

Агар Толиб акага ўхшаган инсонлардан жилла қурмаса 1000та бўлганда ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки бугун Ўзбекистонда ҳуррият ва адолат аллақачон тантана қилган бўлар эди. Аммо афсуски бундай инсонлар Ўзбекистонда ҳам, бугун бутун дунёга сочилиб кетган миллионлаб ватандошларимиз ичида ҳам бармоқ билан саноқли даражада...   

Агар мендан Толиб аканинг фаолиятини бир сўз билан ифода қилинг деб сўрашса мен “собитқадамлик” деган бўлар эдим.

Эътибор берган бўлсангиз, бу сўз курашчилар сафида ҳам, ҳукуматдагилар сафида ҳам камдан кам қўлланиладиган сўз. Бунинг сабаби нима? 

Гап шундаки бизларнинг сафларимизда собитқадамли инсонларнинг ўта ноёблигидир.

Асли ўзи кучли сиёсатчи, Ўзбекистон “Бирлик “ Халқ Ҳаракати Марказий Кенгаши Ҳайъатининг аъзоси ва айни пайтда Тошкент Педагогика институтида математика ўқитувчиси бўлишига қарамай Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини тузилишини биринчи кунлариданоқ Толиб ака у билан бирга бўлдилар, бу жамиятни оёққа турғазишда 4..5 одам қиладиган ишни бир ўзлари қилишга мажбур бўлдилар ва узоқ йиллар давомида бу жамиятни бошқариб келдилар.

Милисалар ва МХХнинг доимий кузатуви, тинмай сўроқларга тортишлари ҳам, куёви ва инсон ҳақлари курашчиси Аъзамжон Фармоновни қамоққа олиниши ҳам,1998йил  3 ноябрда Варшавада у кишига 2 муттаҳамнинг ҳужуми ва оғир ярадор қилиши ҳам , Жиззах маҳаллий ҳокимиятининг у кишига қарши уюштирган махсус мажлислари ҳам ҳеч қачон у кишини ўзлари кирган буюк курашдан бир қадам ҳам чекинишга мажбур қила олмадилар.

Бу оддий фуқаро ва кучли инсон Толиб Ёқубовнинг оддий бўлмаган фуқаро ва чексиз ҳокимият қудратига эга бўлган зот Ислом Каримов устидан қозонган тўла тўкис ғалабасидир. Ўзининг 22 йиллик ҳукмронлиги даврида бу мағлубият Ислом Каримовнинг энг шармандали мағлубиятидир.

Агар Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлати тарихида унинг биринчи президенти сифатида қоладиган бўлса, Толиб Ёқубов бу тарихда унинг энг муътабар, кучли сиёсатчиси ва жамоят арбоби сифатида қолади. Агар миллионлаб инсонлар Ислом Каримовни унинг зўравонлиги ва зулмкорлиги сабаб эслаб қолсалар, минглаб инсонлар Толиб Ёқубовни уларнинг ҳимоячиси сифатида, миллионлар эса у кишини Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун, унинг бахту саодати ва бахтиёр келажаги учун ўз умрининг асосий қисмини сарф қилган асл сиёсатчи ва инсон ҳақлари курашчиси сифатида эслаб қоладилар.

Толиб ака 70 ёшга кирган бўлсалар ҳам ҳали ҳануз Ўзбекистон ҳукуматининг зўравонликка асосланган сиёсатига қарши ўз курашларини тўхтатганлари йўқ ва биз ҳали у кишининг янги, барчани бирдек ўйлантирадиган, ҳаётнинг оқу қорасини танишда, унинг пасту баландини ўрганишда ёрдам берадиган мақолалари ва сўҳбатларини тинглашга муяссар бўлишимизга ишончим комил.

Мен Толиб акани муътабар 70 ёшлари билан қизғин муборакбод этаман, у кишига сиҳат саломатлик, узоқ умр, кўнгил хотиржамлиги, ҳар бир кунларини ўзларининг ширин шакар неваралари қуршовида бугунгидек хушчақчақ ўтказиб яшаш бахтидан баҳраманд бўлишларини, дунёнинг ташвишларини ҳар замонда бўлсада бир чеккага йиғиштириб қўйиб қарилик гаштини суришларини ва ҳар замонда бўлсада ўз дўстлари ва мухлислари билан ўзларининг қизиқарли фикрларини баҳам кўришларини тилаб қоламан.

 

 

Ҳазратқул Худойберди

2011 йил 15-май

www.stopdictatorkarimov.com