Ўзбекистон Халқ Ҳаракати                         

Стратегик тадқиқотлар бўлими

 

Uz ва US ўртасидаги кучайиб бораётган алоқалар ва уларнинг Ўзбекистон ва региондаги ижтимоий –сиёсий вазиятга таьсири ҳақида

 

Биринчи қисм: АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳамкорлари ва улар билан муносабатлари ҳақида

 

Сўнгги кунларда АҚШ ва Ўзбекистон Ҳукуматлари ўртасидаги дипломатик муносабатлар тезлик билан ривожланмоқда. АҚШ Президенти Барак Обама ўз “ҳамкасаба”си бўлмиш Ислом Каримов билан телефон орқали сўҳбат қилди, уларнинг Ташқи Ишлар вазирлари эса (Хиллари Клинтон хоним ва Элёр Ғаниев) юзма юз учрашдилар.

Тўсатдан кучайиб бораётган бу муносабатлардан кўзланаётган асосий мақсад - бу ўзаро ҳамкорликни кучайтириш эканлигини улар яширмаяптилар.  Бу ҳамкорлик эса асосан ҳарбий соҳада кучайтирилиши кўзда тутилган.

АҚШ ҳукуматининг тўсатдан региондаги энг репрессив ҳукумат билан бундай алоқалар олиб боришига унинг Покистон ҳукумати билан бўлган алоқаларида дипломатик тил билан айтганда совуқчилик тушгани, оддий тил билан айтганда эса Покистон-АҚШ муносабатлари инқирозли ҳолатга тушиб қолганидадир.

 

Региондаги сиёсатини кучли базага таянган ҳолда олиб бориш учун АҚШ ҳукумати бундан бир неча ўн йиллар олдин Покистонни танлаган эди. Бу мақсадлар йўлида миллиардлаб доллар сарф қилинди, Покистон Хавфсизлик кучлари ичидаги уч бўлинмадан энг кучлиси бўлган Inter-Services Intelligence (ISI) билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.

ISI ва CIA (АҚШ Марказий Қидирув Бошқармаси) ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишига СССРнинг 1978 йилда Афғонистонга қарши бошлаган уруши асосий сабаб бўлган эди. Вақт ўтиши билан бу икки ташкилот орасидаги муносабатлар шу қадар кучайиб кетдики, CIAнинг агентлари бемалол ISIнинг идораларига кириб борадиган ва ўзларининг покистонлик ҳамкасабалари билан гуёки бир давлат ва бир идоранинг ходимларидек иш юритадиган бўлдилар.

Бунинг асосий сабаби, ўша пайтлардаги АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги совуқ уруш ҳолати эди. Бу ҳолат “совуқ уруш ҳолати” дейилгани билан амалда у оловли уруш кўринишида эди, чунки Совет Иттифоқининг қўшинлари ва қуроллари АҚШнинг Афғонистон таарафида туриб курашаётган махфий хизмат офицерлари, АҚШ етказиб бераётган махсус қуроллар ва бу қуроллар бўйича инструкторлар, уруш стратегияси бўйича мутахассислар билан тўқнашар эдилар.

Совуқ уруш туфайли АҚШ Покистон, Исроил, Саудия Арабистони ва бошқа кўплаб давлатлар билан яқин алоқалар ўрнатган ва бу алоқалар биринчи навбатда уларнинг махфий хизмат идоралари билан ўзаро яқин муносабатлар ўрнатиш ва улар ёрдамида бошқа турдаги муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат эди.

СССРнинг Махфий Хизмат Идораси бўлмиш КГБ совет республикалари ва Варшава Шартномасига кирувчи Шарқий Европадаги социалистик республикаларнинг Махфий хизматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилар, ички ва ташқи душманларга қарши курашда улар ҳамиша биргаликда ҳаракат қилишар эди.  

Бунга қарама қарши ўлароқ АҚШ ҳам баланс ўрнатишга интилар ва шу сабабдан СССР ва Шарқий Европадаги социалистик давлатларга қарши ўзининг махфий кучлар тармоқларини шу давлатларга қўшни бўлган қарийб барча давлатларда тузган эди.

 

Аммо бугунга келиб, СССР парчаланиши оқибатида дунёдаги сиёсий вазият кескин ўзгариб кетди. Агар бундан 25 йил олдин дунёда асосан 2 давлат бир бирига қарама қарши ҳолатда бўлиб ( US vs SU ), улар дунёда нисбатан қарама қарши кучлар мувозанатини ўрнатган бўлсалар, бугун бу мувозанат бузилди.

Айни пайтда уни қайтадан мувозанатга келтиришга даъвогарлик қилаётган давлатлар сони эса кўпая бошлади.

СССРнинг ўрнини босишга уринаётган Россия Федерациясининг бунга кучи етмаётганини кўрган ва ўз иқтисодини жадал суръатлар билан ривожлантираётган Хитой бугун АҚШга қарама қарши мувозанат сақловчи куч сифатида майдонга чиқмоқда.

 

Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги ўзининг собиқ ҳамкорларига ишонган АҚШ ўзига қарши бўлган 2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан сўнг  бир пайтнинг ўзида Афғонистон ва Ироққа қарши даҳшатли урушларни бошлаб юборди. Бу ўша пайтларда АҚШ ҳукуматини бошқарган Дж.Буш администрациясининг катта стратегик хатоси бўлди. Чунки орадан 10 йил ўтиб, юз мингларча инсонларни қурбон қилиб, қарийб бир триллион 300 миллиард доллар маблағ сарфлаб эришилган натижа шу бўлдики, бугун Ироқдаги ижтимоий-сиёсий вазият урушдан олдингидан ёмонроқ, Афғонистондаги вазият борган сари издан чиқиб кетаяпти ва ниҳоят АҚШ ва унинг уруш аватюрасига эргашган 54 давлатдан Коалициянинг ичидаги  кўпчилик давлатларда оғир иқтисодий инқироз чуқурлашмоқда.

 

Авваламбор ҳеч бир босқинчилик уруши муваффақият билан якунлана олмайди. Чунки босқинчи давлатнинг Армияси ва унинг аскарлари минг чиранмасинлар, улар ҳеч қачон ўзларини хайрия қилувчилар ёки мурувват кўрсатувчилар каби тута олмайдилар. Қўлида қуроли бор одам биринчи навбатда уни ишлатишга, душманни қиришга, унга ёмон қараган одамни отиб ташлашга ҳаракат қилади.

Иккинчидан, ҳар бир халқнинг ўз ғурури, ўз қадр қиммати, ўз яшаш тартиби ва урф одатлари бор. Бир давлатга бостириб кириб у ерда қурол ёрдамида ўз тартибларингни ўрната олмайсан. Совет Иттифоқи 10 йил курашиб, ўз қўғирчоқ ҳукуматини ўрнатиб ҳам Афғонистонда ҳеч нарса қила олмади ва охир оқибатда таслим бўлиб, чиқиб кетишга мажбур бўлди. АҚШ ҳам 10 йил урушиб ўзига бир эмас, икки давлат ва икки катта миллатни душман қилди холос ва у ҳам думини икки ораси оёғи орасига қистириб ниҳоят қочиб кетишга мажбур бўлади.

 

Наҳотки ўтган урушлар ва олдин қўйилган хатолардан ҳозирги замон давлат раҳбарлари ҳулоса чиқармайдилар деган асосли савол туғилиши мумкин.

Бунга жавоб шундан иборатки, бу дунёда ҳамиша урушлар бўлишидан манфаатдор бўлган улкан кучлар бор. Улар ҳақида батафсил мана бу ерда, “Ёвўз халқа” мақоласида танишишингиз мумкин (http://stopdictatorkarimov.com/War_creators_Uz.pdf ).

 

Хўш, энди асосий масалага қайтадиган бўлсак, нима учун АҚШ ҳукумати тўсатдан Ўзбекистон ҳукумати билан ўз ҳамкорлигини кучайтиришга мажбур бўлмоқда?

Бунинг сабаби шуки, сўнгги пайтларда Покистон ҳукумати ва унинг махфий хизмат кучларининг Толибон билан ўзаро хўфиёна ҳамкорликлари аниқланди. Яқинда Қобулдаги энг баланд меҳмонхонага бўлган ҳужум ва Толибон билан музокаралар олиб бориш учун тайинланган собиқ президент Бурҳониддин Раббонийнинг ўлдирилишида ISIнинг қўли бор демоқда АҚШ ҳарбийлари. Бу АҚШ ҳукумати томонидан Покистон Ҳукуматига қўйилаётган жуда жиддий айбловлардир. Покистон Ҳукумати ҳарчанд ўзини бу ишларга алоқаси йўқлигини пеш қилмасин уларни тушуниш мумкин. Чунки қарс икки қўлдан чиқади. Аввалига АҚШнинг махсус қирувчи Гуруҳи Покистоннинг Абботобод шаҳрида, ҳарбийлар ва бойлар яшайдиган маҳаллада, шундоққина ҳарбийларнинг биқинида жойлашган уйга тўсатдан ҳужум қилиб Усама бин Ладинни ва унинг бир неча қўриқчиларини ўлдирдилар.

 

Бу ҳарбий операция АҚШ ва унинг ҳукумати учун катта ғалаба деб баҳолангани билан у аслида улар учун янги мағлубиятларнинг дебочаси экани маълум бўлди. Бунга сабаб, биринчидан Покистон Ҳукумати ўз ҳудудларида АҚШнинг сараланган қирувчи Гуруҳи аскарларининг махсус, товуш чиқармайдиган вертолетларда бир уйга ҳужум қилишларини қабул қила олмадилар, у уйда ким яшашидан қатьий назар.

Иккинчидан, Толибон ҳаракати умумий душманга қарши курашларда уларнинг асосий етакчиларидан бири бўлган шахснинг АҚШ аскарлари томонидан Покистон ҳудудида ўлдирилишини ҳеч қачон кечирмайдилар.

Учинчидан, бир пайтлар Толибон Ҳаракатини тузишда асосий роль ўйнаган Покистон Ҳукумати давр, замон ва унинг турли ўйинчилари таклиф этаётган турли туман масалаларда кўпинча икки ечимдан бирини танлашга мажбур бўлмоқда: Ё бир пайтлар ўзи тузган ва таъминлаб турган Толибон тарафига маъқул ечимни ёки ўзини кўп йиллардан бери қўллаб қўвватлаб келган АҚШ ҳукумати таклиф қилган ечимларни.  

 

АҚШ ҳукуматининг сўнгги қарорлари уларнинг Марказий Осиёдаги ўз ҳамкорларини ўзгартиришга мажбур қилаётганини кўрсатади. Региондаги энг репрессив ҳукумат бўлган ва ўз сиёсатини асосан зўравонлик ва қонунбузарликка асослаган Ислом Каримов режими билан ҳамкорлик қилиш АҚШ Ҳукуматининг ташқи сиёсатдаги янги стратегик хатоларидан бири бўлмоқда. Кимлар ва нима учун Барака Обама Ҳукуматини бу ишга мажбур қилаётганлиги эса юқоридаги мақолада(“Ёвўз халқа” ) келтирилган халқаро актёрларнинг астойдил олиб бораётган фаолиятлари сабабли бўлиши мумкин. Ислом Каримов бу ўйинда АҚШ тарафидан вақтинча танлаб олинган навбатдаги бир “пиёда аскар”/”пешка” холос.  

 

Бу муносабатларнинг Ўзбекистон ва региондаги умуий ижтимоий –сиёсий вазиятга таъсири ҳақидаги фикр ва мулоҳазалар кейинги қисмда берилади.

 

Ҳазратқул Худойберди

2011 йил 2-октябр

Масалага оид мақола: США хотят изменить маршрут доставки войск в Афганистан