Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Қурултойига оид икки билдириш

 

1.    Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Баёноти

 

Биз, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) фаоллари шуни кенг жамоатчиликка маълум қиламизки, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолиятини биз бошиданоқ қўллаб қўвватлаб келмоқдамиз, зеро Ўзбекистонда ҳукм сураётган Ислом Каримов бошлиқ диктатурага қарши курашда фақат барча кучларни бирлаштирган ҳолдагина муваффақиятга эришиш мумкин.

 

Бизнинг жамиятимизнинг асосий мақсади инсонларнинг фуқаровий ва сиёсий ҳақ ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг мақсад ва вазифалари бизнинг ташкилот ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларга уйғун бўлгани учун биз бу ҳаракат фаолиятида, хусусан унинг Қурултойида фаолларимиз Ҳазратқул Худойберди, Турсунбой Ўтамуродов, Тўлқин Қораев ва Собиржон Тўлагановлар қатнашиши мумкинлиги ҳақида хабарлашган эдик. Аммо турли сабабларга кўра (виза, молия ва ҳоказо) барча номзодларимиз Қурултойга бориш имконига эга бўлолмадилар. Ҳазратқул Худойбердининг Қурултойда қатнашгани ва у ерда бизнинг таклифларимизни очиқлаганидан ва бу таклифларимизнинг асосий қисмлари қабул қилинганидан биз бениҳоят мамнунмиз.

 

Аммо айни пайтда биз таклиф қилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига раҳбарлик қилишни уч раисдош ёрдамида олиб бориш бу янги Ҳаракатни фақат ва фақат кучли қилади деган таклифимиз тўлалигича ўтмаганидан биз афсусланамиз.

Умид қиламизки, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати қабул қилган ҳаракатга раҳбарлик қилиш варианти, яъни Муасссислар мажлисининг раиси, Марказий Котибият раиси ва Тафтиш Комиссиясининг раислари ўзаро яқин алоқада, коллегиал равишда раҳбарликни биргаликда олиб борадилар ва барча баёнотларни учала раисдош номидан берадилар.

 

Шундай қилинса Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўзининг янги ташкилот сифатида анча кучли, янгиликка чанқоқ ва унга интилувчан эканлигини, якка раҳбарлик қилиш каби эски усуллардан воз кечишини ҳамда барча ишларни бамаслаҳат юритишни маъқул кўришини Ўзбекистон халқига ва кенг жаҳон жамоятчилигига очиқ намойиш қилиш орқали ўз тарафдорлари сафини янада кўпайиши ва улар билан янада кучланишига катта ҳисса қўшган бўлади.

 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига муносабати масаласи кун тартибига чиққан пайтда Берлин Қурултойи ташкилотчилари Т.Ёқубовга мурожаат қилиб: "ЎИҲЖ ЎХҲга аъзо бўладими?" деб сўрашган. Т.Ёқубов: "Бу - президент ваколатига киради, А.Бойматов билан боғланинглар" деб жавоб берган. ЎХҲ Қурултойи айни пайтнинг ўта муҳим воқеълиги бўлгани учун А.Бойматов ЎИҲЖ позициясини махсус баёнот билан очиқлаши зарур эди, бироқ у бу муҳим тадбирни қилмади.

 

Шундан сўнг жамиятнинг фаоллари Ўзбекистон ҳаётида мўҳим иш бўлган бу тадбирдан четда турмаслик учун унга ўз вакиллари ичидан имкони борларига бу Қурултойга қатнашиши лозим деб қарор қилишди. Ана шундан сўнг Ҳазратқул Худойберди ва Тўлқин Қораевлар Қурултойга боришга тайёр эканликларини айтишди аммо Тўлқин Қораев шахсий ҳужжатининг муддати узайтирилмагани учунгина Қурултойга бора олмади.

 

Шу сабабдан биз Жамиятимиз Президенти Абдужалил Бойматовнинг шошилинч тарзда, бемаслаҳат, ўз номидан тарқатган баёнотининг мазмунан нотўғрилигини ушбу Баёнотимиз билан таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Умид қиламизки, А.Бойматов ҳам бу янги ҳаракат фааолиятини тўла қўллаб қўвватловчилар сафига яқинда қўшилади ва бу курашда биз билан елкадош бўлади.

 

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти номидан

Толиб Ёқубов – вице президент, Ҳазратқул Худойберди, Турсунбой Ўтамуродов,  Собиржон Тўлаганов, Тўлқин Қораев – фаоллар.

2011 йил 26-май

2.     Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг айрим оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга бир изоҳи

Қурултой қатнашчилари ва Ҳаракат таьсисчилари ҳақида Муассислар Мажлисининг айрим оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга бир изоҳи:

 

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Қурултойи ҳақида хабарлар тарқатган айрим оммавий ахборот воситаларида “Ҳаракат таъсисчилари рўйхатида Ўзбекистон Озод Деҳқон партияси ҳам бор “ деган жумла нотўғридир.

 

Чунки бу партия аслан Ўзбекистон Демократик кучлари Форумининг аъзоси ўлароқ бирламчи лойиҳаларга кириб қолган аммо аслан Озод Деҳқон партиясининг бирор вакили на Ҳаракат Қурултойида, на Ҳаракатниинг бирор тадбирида умуман қатнашмаганликлари  боис сўнгги ҳужжатларда бу партия Ҳаракатнинг таьсисчиларидан эмас деб қабул қилинган.

 

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар Мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳ

Ҳаракатнинг Муассислар Мажлиси вакили Ҳазратқул Худойберди

2011 йил 26-май