Ҳар қандай зулмга қарши курашнинг ҳар қандай йўли савобдир

 

Ўзбек халқининг аксарият кўпчилиги узоқ муддат давом этаётган Ислом Каримов бошлиқ ҳукумат зулмидан безор бўлганлиги барчага аён. Давлатни бошқаришни Жаҳолат ва Зулмга, халққа нисбатан доимий равишда босим ўтказишга ва фақат ана шундай йўллар билангина ўзини ҳокимиятнини сақлаб қолишга уриниб келаётган бу жинояткор хукумат аслан бир кун ҳам давлатни бошқаришга ҳаққи йўқ. Ва бу ҳукумат аслан бир кун ҳам давлатни ҳақиқий йўллар билан, яъни қонун ва тартиб қоидаларга асосланган ҳолда бошқара олмайдилар.

Ниму учун? Чунки бу ҳукумат давлатни қонунга асосан бошқариши учун унинг барча вазирлари, ҳокимлари, прокурорлари, судьялари ва миршаблари аввало "Қонун" нима эканлигини яхшилаб ўрганиб олишлари керак. Ундан кейин улар қонуннинг ҳар бир сўзига амал қилишни ўрганишлари лозим. Улар ана шундай ишларга, яъни авввало қонунларни чуқур ўрганишга кейин эса уларга риоя қилишна қодирми? Йўқ.

Ислом Каримовдан бошлаб маҳалла миршабигача қонунни ҳар соатда топташга тайёр. Бу ҳукумат вакилларининг Ўзбекистон қонунларини бузмаган кунлари йўқ.

Чунки "ўрганган кўнгил ўртанса қўймас". Агар давлат қонунга асосланган ҳолда юритилганда на Ислом Каримов, на Шавкат Мирзиёев, на Рустам Иноятов, на Баҳодир Матлубов ва на бошқа бирорта вазир, ҳоким ёки миршаб бу давлатда ишлай оларди.

Сиз итни одамларга ҳурмасликка ўргатишингиз мумкин. Аммо сиз Ислом Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукумати вакилларини қонунларга бўйсунишга ўргата олмайсиз. Қон билан кирган жон билан чиқади.

Вазифаси Ўзбекистон халқининг, унинг ҳар бир фуқаросининг кундалик ҳаётини бахтиёр ва осуда бўлишини таьминлаш бўлган бугунги марказий ва маҳаллий ҳукумат вакилларининг биронтаси; вазифаси қонунларни бажарилишини назорат қилиш бўлган бирорта прокурор; вазифаси қонунларни бузганларни жазолаш бўлган бирорта судья; вазифаси жамоат тартибини таьминлаш бўлган бирорта миршаб Ўзбекистон қонунларини на ҳурмат қилади, на ўша қонунлар асосида ишлай олади.

Чунки бу инсонлар қонунлар асосида ишлай бошласалар, у ҳолда улар биринчи кундан бошлаб ҳар қандай қонунбузарларни жазога тортишлари керак бўлади. Хўш, қайси прокурорни ҳадди сиғади Ислом Каримов, Ш.Мирзиёев ёки Р.Иноятовнинг шахсий банк ҳисобларини талаб қилишга? Эътибор беринг: Бундай қилишга ҳар бир қонуний давлатда яшовчи ҳар бир фуқаронинг ҳаққи бор. Шу сабаб қонуний давлатларнинг раҳбарлари ҳали одамлар сўрамасданоқ ўз ҳисоб рақамларини жамоатчиликка очиқ эълон қиладилар. Ҳаттоки қўшни Россия ҳукумати ҳам бу ишга ўрганди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати ўрганмади. Ўрганмайди ҳам. Чунки ўрганса бирданига барча вазирлар ва ҳокимларнинг ҳисоб рақамларида, бостирмаларида, махсус сейфларида, хотин,бола, чақаларию тоға, жиянларининг чет эллардаги банкларда очилган ҳисоб рақамларида Ўзбекистон халқидан ҳар куни уриб, тепиб, сўкиб, қўрқитиб, талаб қилиб, турли туман йўллар билан босимлар ўтказиб олинаётган миллиардлаб долларлар, евролар, лиралар, рупиялар, рубллар ва  сўмлар чиқа бошлайди.

 Қайси бир прокурор қайси бир вазир, ҳоким, судья ёки Салим бойваччага ўхшаган бир мафиянинг, ёки унинг бирорта жиянини ёки Тошкентдаги бирорта бошқа бойваччанинг ҳисоб рақамини талаб қила олади?

 

"Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич" дейди халқимиз. Аммо бу муттаҳамларни ошлари ҳалол эмаски уни ошларини кўчада кўкракни кериб ичсалар. Бу зўравонлар ҳукумати бугун шу даражага борганларки, улар ишхоналарида бировни уриб, тепиб, қон қақшатиб, уни бор шудини тортиб олиб, кейин ана шундай зўравонлик йўллари билан топилган пулга бозордан озиқ овқат олиб келиб, гуёки ҳеч нарса бўлмагандек ана шундай ҳаром йўллар топиб келган овқатларини болалари билан баҳам кўришади. Ҳаром еб ўсаётган, отаси ҳалол нима эканлигини фарқига бормайдиган бола ҳалолни фарқига борадими? Ҳар куни ҳаром еб ўсаётган бундай болалардан келажакда яхши инсонлар чиқиши мумкинми? Йўқ! Уларни ана шундай йўллар билан боқаётган отаси, у ишлаётган, уни ва унга ўхшаган юз мингларча инсонларни ана шундай ҳаром йўллар билан яшашга ўргатган ва ўргатаётган давлатдан ва унинг вакилларидан яхшилик кутиш мумкинми? Йўқ!  

 

Бу ерда энг ёмон нарса шундаки, Ўзбекистон ҳукуматида ишлайдиган инсонларнинг, юз минглаб миршаблар, прокурорлар, терговчилар, судьялар, ҳокимлар, хуллас уларни аксарият кўпчилигининг кундалик ҳаёти ана шундай ҳаром-ҳаришга ботган ҳолда кечмоқда. Зўравонлик ва жаҳолатга асосланган сиёсат охир оқибатда одамларни ҳам жоҳил, қўпол, маданиятсиз бўлишларига олиб бормоқда ва  йиллар ўтган сари жамиятнинг барча вакилларини маънавий жиҳатдан тубанлашишга олиб бормоқда.

Ана шунинг учун ҳам бозордаги оддий бир деҳқоннинг бир қоп картошкасини судраб кетаётган миршабга "Худо инсоф берсин ака, мени картошками қайтариб беринг! Мен уни сотиб болаларимга озиқ овқат олиб боришим керак" деб нолигани на миршабга, на бозорда олма-узум сотиб ўтирган бирор бошқа деҳқонга таьсир қилмайди. Чунки миршаб на қонунни, на маънавиятни тан олади, ҳали унга миршаб тегмаган деҳқон эса ўз ғамини ва тинчини ўйлайди, “Оч қорним, тинч қулоғим” деб, “Тағин мени ҳам судраб кетмасин” деб жим ўтиради.

Худди шунингдек, уриб, сўкиб, тепкилаб судга судраб олиб келинган бир бегуноҳ бечоранинг "Мен бегуноҳман, Худо инсофингизни берсин, мени қўйиб юборинг! Мени уриб, тепиб бўйнимга мен қилмаган жиноятларни қўйишди ва мени қийнаб уларни тан олишга мажбур қилишди. Мен бегуноҳман ахир!" дейишига ҳам на прокурор, на судья қулоқ солади ва ҳатто адвокат уни ҳимояси учун бир сўз айта олади. Чунки қулоқ солиш, бировга ачиниш учун аввало улар нормал инсонлар бўлишлари, қонун ва маьнавият нима эканлигини билишлари, нима сабабдан бу нарсалар ҳар бир инсон учун мўҳим эканлигини англаб, уларни чуқур тушуниб етган бўлишлари керак.

Бугунги Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ана шундай нормал инсонларми? Йўқ!

Улар қачондир ана шундай нормал инсонлар бўла оладиларми? Йўқ!

Бу инсонларнинг Ўзбекистон давлатини бошқаришга ҳақлари борми? Йўқ!

 

Шу сабаблар туфайли ўз олдига Ўзбекистон халқини эркини, унинг ҳурриятини, бахту саодатини олиб беришни мақсад қилиб, ана шундай эзгу ниятлар билан тузилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўз ишини аниқ ва конкрет режалар асосида бошлаши керак.

Бу ҳаракатга юрагида ўти, кўнглида Ватанни зулм ва жаҳолатдан халос қилишдек буюк мақсадлари бўлган барча инсонлар қўшилишлари, бу Ҳаракатга қўшилган барча инсонлар эса бир бирларини яхши танишлари, бир бирлари билан тез тез учрашиб туришлари, Ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари аниқ беглилашлари, белгилагач эса уларни бирма бир амалга оширишни бошлашлари керак бўлади.

Бу дунёда энг ёмон нарса мавҳумликдир. Мақсад ва орзу ниятлар саробга айланмаслиги учун аниқроқ ҳаракатлар лозим.

 

Ҳазратқул Худойберди

2011.04.17

www.stopdictatorkarimov.com